16 январь куни Тошкент шаҳрида Taftish.uz сайти ходимлари товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб ушланди, дея хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси. Наши фуқароларнинг сўровлари асосида текширувлар ўтказиши билан машҳур.
Бошқармага кўра, улар Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддасида (Фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.
Хусусан, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда Taftish.uz ходимлари: 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Хамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ва 1998 йилда туғилган Дилшод Нишоновлар процессуал тартибда ушланган.
«Хозирда уларнинг Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) ҳамда 244/6-моддасида (Ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда», — дейилади хабарда.
ИИББ нашр ёпилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини айтиб, у кундалик фаолиятини давом эттираётганини билдирди.
Taftish.uz интернет нашри собиқ раҳбари Ғайрат Абераев 2023 йил ноябрь ойида ҳам фирибгарлик, хусусан, фуқароларни алдаш орқали жами 33,3 минг долларни талон-торож қилганликда айбланади.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Taftish.uz сайтига эгалик қилувчи Elita-Media компанияси 2019 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Ҳозирда унинг директори Абераев, асосчиси эса Дилшод Иргашев. Сайт 2021 йил 24 мартда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган.
Ундаги сўнгги хабарлар 13 январда чиққан. Нашрнинг YouTube`да 272 000, Instagram`да 234 000 ва Telegram`да 33 400 обуначиси бор.
