Жиноий уюшма фаолиятига чек қўйилди – ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ички ишлар органлари ходимлари ДХХ ва Божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда махсус тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида Андижон вилоятининг Бўстон туманида уюшган жиноий гуруҳнинг тўрт нафар аъзоси – 1990, 1996, 1980 ва 1981 йилларда туғилган шахслар қўлга олинди. Улар Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган 9 кг 447 гр. "гашиш" гиёҳвандлик моддаси бўлган яширин жойни қазиб олаётган вақтда қўлга тушди. Таъкидланишича, жиноятчилар Қирғизистон фуқаросининг топшириғи билан ҳаракат қилган. Уларнинг вазифаси ушбу гиёҳвандлик моддасини вилоятнинг барча туманларига тарқатиш бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг "Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, худди шунингдек, уларни ўтказиш" номли 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноий гуруҳнинг барча аъзолари ҳибсга олинган. Уларга 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
