Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган ижтимоий соҳадаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда сенаторлар, экспертлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, вазирлик ва идоралар ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда «Ҳар бир инсоннинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш» стратегияси йўналишида белгиланган вазифалар, жумладан, мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, умумий ўрта таълим тизимида «Таълим учун қулай муҳит» дастурини амалга ошириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва олий таълим билан қамровни кенгайтириш, педагог кадрларнинг мақомини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган тармоқларида амалий тадқиқотларни фаоллаштириш ва «корхона – олий таълим муассасаси – илмий ташкилот» ҳамкорлик тизимини ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилди.
Йиғилиш иштирокчилари соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини оширишга қаратилган мақсадли кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, 2030 йилга қадар умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, юрак-қон томир касалликларидан (30-69 ёш) ўлим ҳолатини 27%га, саратон касаллигидан (30-69 ёш) ўлим ҳолатини эса 5,2%га камайтириш режалаштирилган.
Аҳоли учун бирламчи тиббий хизматларнинг янада кенг қамровини таъминлаш мақсадида, профилактик кўриклар доирасида юрак-қон томир касалликлари, онкологик хасталиклар, қандли диабет, сил билан касалланганларнинг 50 фоизини аниқлаш ва поликлиникалар томонидан шифохоналарга электрон йўлланма асосида юбориладиган беморлар улушини 70 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Стратегияни амалга оширилишини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратининг зарурлиги таъкидланди. Амалга оширилиши режалаштирилган ижтимоий ислоҳотлар аҳолига сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш, унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Сенаторлар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, шунингдек, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларини такомиллаштиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
