Хабарингиз бор жорий йилнинг 14 декабрида Ўзбекистон Республикасининг "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни маъқулланди ва 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Mирзиёев ушбу қонунни имзолади.
Қонунда мактабгача таълим ва тарбияга оид асосий тушунчалар берилган ва ушбу соҳани тартибга солишга доир ҳуқуқий механизм белгиланган.
Қонуннинг 34-моддаси мактабгача таълим ташкилоти гуруҳларини тўлдиришга бағишланган бўлиб, унда МТТ қабул қилинадиган болаларнинг ёшига ҳам аниқлик киритиб кетилган. Хусусан,
- илк ривожланиш гуруҳи (бир ёшдан уч ёшгача);
- кичик гуруҳ (уч ёшдан тўрт ёшгача);
- ўрта гуруҳ (тўрт ёшдан беш ёшгача);
- катта гуруҳ (беш ёшдан олти ёшгача);
- мактабга тайёрлов гуруҳи (олти ёшдан етти ёшгача) бўлиши белгиланган.
Мактабгача таълим вазирлигининг Матбуот хизмати раҳбари Дилафруз Икромованинг маълум қилишича, мазкур меъёр хусусий МТТга тааллуқлидир. Ҳозирда уларга болаларни икки ёшдан қабул қилишга рухсат этилган бўлиб, қонун кучга кириши билан яъни 2020 йилнинг 16 июнидан хусусий МТТ болаларни бир ёшдан қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
МТТ тўғрисидаги амалдаги Низомда давлат тасарруфидаги МТТга болаларни уч ёшдан қабул қилиш мумкинлиги белгиланган.