Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Наманган вилояти таълим тизимидаги бир нечта коррупцион ҳолатларга чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг шуъба бошлиғи Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқарони Наманган шаҳридаги мактаблардан бирига директор лавозимига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 10 минг доллар талаб қилган. У сўралган пулдан 8,5 минг долларини ўз хизмат хонасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Маълум бўлишича, мансабдор шахс 2011 йилда ҳам Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан, фирибгарлик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва пора олиш жиноятлари билан судланган бўлган.
Яна бир ҳолатда Наманган шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти ходими давлат-хусусий шериклик асосида 2 та боғча ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорга ёрдам ваъда қилган. У мансабдор танишлари орқали тегишли шартномаларни тасдиқлатиб бериш эвазига 2 минг доллар олаётган вақтида ушланган.
