Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни имзолади.
Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 23 сентябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2026 йил 7 апрелда маъқулланган. Президент ҳужжатни 5 август куни имзолаган. Қонун мулкчилик шакли ва аҳамиятидан қатъи назар, Ўзбекистондаги барча автомобиль йўлларига татбиқ этилади.
Йўллар уч турга бўлинди
Ҳужжатга кўра, автомобиль йўллари қуйидаги уч турга ажратилади:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари — давлат мулки ҳисобланади ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфида бўлади;
шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари) — маҳаллий ҳокимликлар тасарруфида бўлади;
хўжалик автомобиль йўллари — давлат, юридик ёки жисмоний шахслар мулкида бўлиши мумкин.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, ўз навбатида, халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларга бўлинади. Шунингдек, улар транспортдан фойдаланиш хусусиятларига қараб I дан V гача бўлган тоифаларга ажратилади.
Пулли йўллар — фақат бепул муқобили бўлганда
Янги қонун билан киритилган ўзгаришлардан бири пулли автомобиль йўлларини тартибга солиш билан боғлиқ.
Пулли автомобиль йўлини қуриш, реконструкция қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича қарорни президент ёки ўз ваколатлари доирасида Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади.
Бунда йўлни пулли қилишга фақат тегишли ҳудудлар ўртасида талабга жавоб берадиган муқобил бепул йўналиш мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Пулли йўл ташкил этиш тўғрисидаги қарорда унинг йўналиши, бошланғич ва якуний нуқталари, техник хусусиятлари, узунлиги, пулли фойдаланиш муддати, шунингдек, бепул муқобилликни таъминлайдиган аниқ йўл кўрсатилиши керак.
Қонунда, шунингдек, тенг ва қулай имкониятлар тамойили белгиланган. Унга кўра, фойдаланувчиларга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан эркин ва бепул фойдаланиш кафолатланади. Пулли йўлларни қуришга фақат муқобил бепул йўналиш мавжуд бўлган ҳолдагина рухсат этилади. Йўлдан фойдаланиш ҳақи миқдори эса фойдаланувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши керак.
Пулли автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб қолади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилганда эса улар лойиҳа амал қилиш муддатига хусусий шерикка эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун берилиши мумкин.
Йўл ҳақи қандай белгиланади?
Йўлдан фойдаланиш учун ҳақ ундиришга бутун йўналиш бўйлаб юқори тезлик режими ва хизмат кўрсатишнинг юқори даражаси таъминланган тақдирдагина рухсат этилади.
Йўлдан ҳаракатланиш учун тўлов миқдорини оператор белгилайди. Бироқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, белгиланган энг юқори ставкасидан ошмаслиги керак.
Тариф қатъий миқдорда белгиланиши ёки босиб ўтилган ҳар бир километр учун ҳисобланиши мумкин. Шунингдек, тўлов миқдори автомобиль тоифаси, сутканинг вақти, ҳафта куни ёки йил ойига қараб фарқланиши мумкин. Бир тоифадаги автомобиллар учун барча фойдаланувчиларга бир хил шартлар қўлланади.
Оператор сафардан олдин фойдаланувчига пулли йўл схемаси, йўл ҳақи миқдори ва тўлов усуллари, тўловдан озод этилган транспорт тоифалари, шунингдек, авария хизмати ва масъул органларнинг алоқа маълумотлари ҳақида тўлиқ ахборот бериши шарт.
Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, ёнғин хавфсизлиги, авария-қутқарув хизматлари, тез ва шошилинч тиббий ёрдам, давлат транспорт назорати ҳамда айрим куч тузилмаларига тегишли махсус транспорт воситалари йўл ҳақидан озод этилади.
Фавқулодда ҳолат жорий этилганда, табиий ёки техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда, шунингдек, ҳарбий ҳолат шароитида барча транспорт воситаларидан йўл ҳақи ундирилмайди.
Агар муқобил бепул йўлдан фойдаланиш имкони бўлмай қолса, пулли йўлда ҳам тўлов ундириш тўсиқ бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилади.
Пулли йўлнинг ҳолати зарур хизмат кўрсатиш даражаси ва юқори тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлай олмайдиган даражада ёмонлашса, ундан фойдаланиш қисман чекланиши ёки вақтинча тўхтатилиши керак.
Йўлларни таъмирлаш ва маблағлар сарфи ҳақидаги маълумотлар очиқ бўлиши керак
Янги қонунда йўл соҳасида очиқлик ва шаффофлик тамойили ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.
Олиб борилаётган ва режалаштирилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, буюртмачилар ва пудратчилар, бу мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши, республика автомобиль йўллари тармоғидаги ўзгаришлар, шунингдек, ҳаракатланишга қўйилган вақтинчалик чеклов ва тақиқлар ҳақидаги маълумотлар фуқаролар ва ташкилотлар учун очиқ бўлиши ва эълон қилиниши шарт.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун ажратилган маблағлар мақсадли йўналтирилади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, уларни олиб қўйиш ёки тегишли йўлларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларга сарфлаш мумкин эмас.
Йўлларни режалаштиришда аҳоли фикри инобатга олинади
Қонунда йўл соҳасини режалаштиришга қўйиладиган бир қатор талаблар ҳам биринчи марта аниқ белгилаб қўйилган.
Хусусан, лойиҳаларни ишлаб чиқишда тўсиқсиз муҳит яратиш ва пиёдалар хавфсизлигига устуворлик бериш чоралари назарда тутилиши керак
Шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ замонавий йўлбўйи инфратузилмасини барпо этиш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш ҳамда йўл ишлари режалаштирилаётган ҳудуд аҳолисининг фикрини ўрганиш талаб этилади.
Йўлларни қуриш ва реконструкция қилишга оид лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизаси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги аудитинидан ўтказилиши керак. Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари эса давлат экологик экспертизасидан ўтказилади.
Йўлларни қуриш ёки реконструкция қилиш жараёнида уларнинг эгалари фойдаланувчиларни ишлар қачон якунланиши ва айланиб ўтиш йўналишлари ҳақида олдиндан хабардор қилиши шарт.
Йўллар бўйлаб қурилишга чекловлар
Қонун билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун ажратилган ер полосасининг минимал ўлчамлари белгиланди. I тоифадаги йўллар учун у 80 метр, II тоифа учун 60 метр, III ва IV тоифалар учун 40 метр, V тоифа учун эса 25 метрни ташкил этади.
Халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар учун йўл бўйи ҳудудининг кенглиги ажратилган ер полосаси чегарасидан ҳар икки томонга камида 50 метр, маҳаллий аҳамиятдаги йўллар учун эса камида 25 метр бўлиши керак.
Бундай ҳудудда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланади. Истисно тариқасида йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга рухсат берилади. Бунда уларни қуриш йўл эгаси билан келишилган бўлиши шарт.
Давлат органларининг ваколатлари
Қонун йўл соҳасида давлат органларининг ваколатларини ҳам аниқ белгилаб беради.
Вазирлар Маҳкамаси автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурлари ва пулли йўллардан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлайди, транспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларини белгилайди ҳамда пулли йўлларни ташкил этиш бўйича таклифларни кўриб чиқади.
Транспорт вазирлиги йўл тармоғини ривожлантириш истиқболларини белгилайди, дастурлар ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқади, халқаро транзит коридорларини шакллантиради ҳамда пулли йўлларда ҳаракатланиш учун энг юқори тарифларни тасдиқлайди.
Автомобиль йўллари қўмитаси умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади. Қўмита йўлларни сақлаш ишларини ташкил этади, ишлар сифатини назорат қилади, кадастрни юритади ҳамда оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракати учун рухсатнома беради.
Транспорт назорати инспекцияси йўлларни қуриш ва таъмирлашда белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилади, транспорт воситаларининг вазн ва габарит меъёрларига, шунингдек, пулли йўллардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини текширади. Инспекция йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш учун ҳам рухсатнома беради.
Ҳокимликлар ва маҳаллий кенгашлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўчаларни ривожлантириш учун масъул бўлади, ҳудудий дастурларни тасдиқлайди, кўчалар кадастрини юритади, йўл лойиҳалари учун ер ажратади ҳамда пулли йўллар қурилишини таклиф қилиши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан кучга киради. Бироқ пулли автомобиль йўлларига оид боб қонун эълон қилинганидан уч ой ўтгач амал қила бошлайди.
Ушбу давр мобайнида Вазирлар Маҳкамаси ҳаракатни ташкил этиш ва пулли йўллардан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидаларини, шунингдек, йўл ҳақини ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак.
Шу билан бирга, 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун ҳамда унга кейинчалик киритилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар ўз кучини йўқотади.
